Ислом Уз сайти рус тилида!
Муҳтарам сайтимиз мухлислари! Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таолонинг тавфиқи, сиз азизларнинг холис дуоларингиз, мухлис ходимларимизнинг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, Ислом.Уз порталимиз бир неча йиллардан буён дийнимизга баҳолиқудрат хизмат қилиб келмоқда. Бу камтарона меҳнатларимиз сиз муҳтарамларнинг миннатдорчилигига, ташаккурларига лутфан сазовор бўлганидек, она тилимизда, давлат тилимизда ёзилаётган энг яхши интернет ресурс сифатида мўътабар эътирофларга ҳам муяссар бўлди. Бу – биз учун олий шарафдир.
Айни пайтда, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ташаббуслари билан, русийзабон ҳамюртларимизнинг, қардош ўлкалардаги, хориждаги диндошларимизнинг илтимослари, талаб-истаклари билан порталимизнинг рус тилидаги саҳифалари ҳам тайёрлана бошланган эди. Роббимизга ҳамду санолар бўлсинким, Ислам.Уз сайтини тайёрлаш ишлар ниҳоясига етди. Сайтни тайёрлашда бугунги куннинг илғор технологияларидан фойдаланилди, веб-дизайн ва веб-дастурлаш соҳасидаги энг сўнгги ютуқлар, тажрибалар татбиқ қилинди. Порталимизнинг техник, технологик савиясини унинг мазмунига, хайрли мақсадларига муносиб даражага етказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Одатдагидек, барча ҳамюртларимиз ҳамда хориждаги диндошларимизни, дийнимизни ўрганиш, дийний билимларини ошириш истагида бўлганларни ёҳуд дийнимиз ҳақида нотўғри тасаввурда юрганларни Ислам.Уз сайтига таклиф этар эканмиз, порталимизнинг хайрли фаолияти учун холис дуоларингиздан умидворлигимизни изҳор этиб қоламиз.
Аллоҳ таоло хайрли ишларимизнинг натижасини кутганимиздан ҳам аъло қилсин, ажр-савобини кўпайтириб берсин, омин!
сайтга линк: www.islam.uz/rus/
Manba: www.islom.uz