Каран Жоҳар: “Шоҳрух ва Кажол билан ишлаш мен учун катта бахт”
Каран Жоҳар! Болливуддагилар у билан ишлаш истагини ҳеч қачон яширмайди. Айни пайтда Каран актёр ва актрисалар учун “Омадли йўлак” ҳозирлайдиган сеҳргардек...
— Режиссёр сифатида шу қадар оммалашиб кетдингизки, барча сиз билан учрашиш истагини яширмаяпти?
— Бундай муносабатдан мамнунман! Лекин афсуски, студиямизга келган ҳар бир одам билан ишлаш, ўтириб бафуржа суҳбатлашиш имкони йўқ.
— Шу қадар ишга кўмилганмисиз?
— Ҳар ҳолда бекорчи ҳам эмасман! Вақтимни режали сарфлашни маъқул кўраман. Бу билан бошқаларнинг вақтига ҳам хиёнат қилмайман.
— Телешоуларингиз оммалашди, фильмларингиз дунё экранларини эгаллаяпти, Дхарма Продакшнинг фаолияти ҳам “гуллаяпти”... Омадингиз келди?
— Фақат омадга боғлиқ бўлганида эди, дунёдаги миллионерлар топган-тутганини медиага, хусусан кинога сарфлаган бўларди. Шунчаки, ҳар бир ишимни сидқидилдан бажардим ва мувафаққиятларимга ишониб қадам ташладим. Натижаси шундай бўлаяпти!
— Шоҳрух ва Кажол сиздан қанчалик миннатдор?
— Бунисини ҳатто, ҳазил билан ҳам сўраб кўрмаган эканман. Лекин мен улар билан ишлаш бахтидан ҳеч қачон ўзимни мосуво қилмайман!
— Шоҳрух билан ўртангизда муаммолар туғилганди?
— Буни инкор этмайман. Лекин сабаби ва бўлиб ўтган гап-сўзларга тўхталиш шарт эмас.
— Турли хил миш-мишлар “болалади”. Изоҳлаш керакмиди?
— Йўқ! Шундай воқеалар борки, ҳар қанча оммалашмасин изоҳга ҳожат йўқ. Шоҳруҳ билан ўртамиздаги муносабатларимизда даллолларга эҳтиёж сезмаймиз.
— Уйланиш ҳақида анча йиллардан бери гапирасиз. Лекин шахсий ҳаётингизда ҳамон “жимжитлик”?
— Тўғриси, бу жимжитликдан ўзим ҳам безганман. Қани эди оилам, болаларим бўлса, деганимда бошқа ишларга шўнғиб кетган бўламан. Ишни якунлаб, яна шундай ўйга берилганимда... шу тариқа давом этаяпти ҳаёт. Турли гап-сўзлар қулоғимга чалинган, ўзим ҳақимдагиларни айтаяпман. Мен севиб қолишим керак!
— Каран сиз учун оила...
— Эр-хотин қўшнилардек яшашни ҳазм қилолмайман. Ишга бориб келиш, фарзандлар тарбиялаш, яна қандайдир жараёнлар... Мен одатийликда туйғулар емирилиб кетишидан қўрқаман. Балки шу сабаб ҳали ҳам ёлғиздирман.
— Болливудни кимсиз тасаввур қилолмайсиз?
— Ўтмишни Яш Чопрасиз, бугунни Шоҳрухсиз, келажакни Каран Жоҳарсиз!
— Ўзингизга яхши баҳо беришни биласиз...
— Агар одам ўз имкониятини чегараласа, унинг ғалабалари ҳам бармоқ билан санарли бўлади. Рақамлар беш ёки ўн билан тугамайди-ку!
— “Йил талабаси 2” яна мувафаққиятли чиқишига умидворсиз?
— Агар ишонмаганимда иккинчи лойиҳага қўл урмаган бўлардик. Кўзим етадиган ишни қилишни яхши кўраман. “Қурбон” устида ишламаслигимни маслаҳат берганлар бугун ўша фильмни қайта-қайта кўрганини айтаяпти.
— Яна Шоҳрух ва Кажол жуфтлигини экранга қайтариш тараддудидасиз?
— Уларни соғиндим. Шунинг учун бу ишга шўнғимоқчиман.
СЕВДО тайёрлади
Manba darakchi.uz